2018/2019 ўқув йили учун Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази магистратурасига тингловчиларни қабул қилиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази (КорБИТМ) 2018/2019 ўқув йилига “Бизнесни бошқариш” («Master of Business Administration – MBA») ва “Лойиҳа бошқаруви” («Project management») мутахассисликлари бўйича магистратурага тингловчилар қабулини эълон қилади.

КорБИТМга йиллик қабул квотаси қуйидаги миқдорда белгиланган:

«Лойиҳа бошқаруви» («Project management») мутахассислиги бўйича – 40 киши;

«Бизнесни бошқариш» («Master of BusinessAdministration – MBA») мутахассислиги бўйича – 40 киши.

Ўқитиш тўлов-контракт асосида:

«Лойиҳа бошқаруви» («Projectmanagement») мутахассислиги бўйича магистратуранинг бир йиллик таълим дастурига мувофиқ;

«Бизнесни бошқариш» («Master of Business Administration – MBA») мутахассислиги бўйича магистратуранинг икки йиллик таълим дастурига мувофиқ амалга оширилади.

Ўқитиш якуни бўйича тингловчиларга магистрлик даражаси ва давлат намунасидаги тегишли дипломлар берилади.

Таълим жаҳон андозаларига мос равишда ишлаб чиқилган ўқув дастурлар асосида олиб борилади ва тингловчилар ўқув-амалиётларни (стажировка) мамлакатимизнинг етакчи компания ва корпорацияларида ўташади.

Магистратурага 40 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, олий маълумотли (дипломли мутахассис, бакалавр) ва олий таълим муассасасини тугатгандан кейин камида уч йил иш стажига эга бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотларнинг раҳбар ходимлари ҳамда мутахассислари, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар тест синовлари орқали очиқ танлов асосида қабул қилинади.

Тест синовлари қуйидаги фанлардан ўтказилади:

«Лойиҳа бошқаруви» («Project management») мутахассислиги бўйича: инглиз тили, менежмент, иқтисодиёт назарияси;

«Бизнесни бошқариш» («Master of BusinessAdministration – MBA») мутахассислиги бўйича: инглиз тили, Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти, иқтисодиёт назарияси.

Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази магистратураси тингловчилари учун ўқиш даврида улар эгаллаб турган иш ўринлари (лавозимлари) ва иш ҳақи сақлаб қолинади.

Ҳужжатларни қабул қилиш муддати: 2018 йилнинг 16 июлидан  16 августигача.

Қабул комиссияси душанбадан жума кунигача соат 9.00 дан 17.00 гача ва шанба куни соат 9.00 дан 15.00 гача Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказининг қуйидаги манзили бўйича фаолият кўрсатади: Тошкент шаҳри, Миробод кўчаси 25–уй.

Батафсил маълумотларни қуйидаги телефон орқали олиш мумкин: (+99871) 239-03-13.

 

Если вы нашли ошибку, пожалуйста, выделите фрагмент текста и нажмите Ctrl+Enter.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *