Республика бизнес ва бошқарув олий мактаби ва Япониянинг “Canon Medical Systems” компанияси ўзаро англашув меморандумини имзоладилар

6 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви Миллий агентлигининг Абу Райҳон Беруний номидаги Республика бизнес ва бошқарув олий мактаби ва тиббий диагностика ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчиларидан бири – Япониянинг “Canon Medical Systems” компанияси ўзаро англашув меморандумини имзоладилар.

Меморандумга кўра, томонлар ўртасидаги ҳамкорлик бир қатор йўналишлар бўйича ривожланиб боради. Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари учун умумий таълим дастурлари, мастер-класс, семинарлар ва бошқа илмий-ўқув тадбирлар ишлаб чиқилиб амалга оширилади.

Бундан ташқари, Москвадаги “Canon Medical Systems” илмий маркази ва компаниянинг ҳамкорлари ҳисобланган Москва шаҳридаги тиббий муассасаларида ўқув машғулотлар ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди. Мазкур ўқув машғулотлар назарий маърузалар ва радиология бўлимларида ишларни ташкил этиш бўйича амалий тажриба орттиришдан иборат бўлади.

Шуни таъкидлаш керакки, РББОМнинг Япония компанияси билан ҳамкорлиги тиббиёт ходимларининг тажрибасини орттириш йўли орқали тиббиёт муассасалари бошқарув тизимининг янада такомиллаштирилиши ва самарадорлиги оширилишига ёрдам беради.

Бундан аввал, 28 ноябр куни Тошкентда “Canon Medical Systems” компаниясининг бевосита ёрдами билан нур билан ташхис қўйиш муаммоларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Анжуман доирасида 150 нафар соҳадаги россиялик ва маҳаллий шифокорлар тажриба алмашдилар.

Анжуман Япония компанияси томонидан Ўзбекистонда нур билан ташхис қўйиш соҳасидаги тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг замонавий тиббий ускуналар билан ишлашда малакаларини оширишга қаратилган ўқув тадбирларининг мантиқий давоми бўлди.

 

Боғланиш:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги ЛБМАнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Тел.: 71 2317932  

Если вы нашли ошибку, пожалуйста, выделите фрагмент текста и нажмите Ctrl+Enter.