“Корпоратив бошқарув бўйича иккинчи халқаро анжуман: рақамли иқтисодиёт шароитида асосий тенденциялар ва истиқболлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияси ўтказилиши тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 24 апрелдаги ПФ-4720 сонли “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 7-февралдаги  ПФ-4947 “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонларида белгиланган

вазифалардан келиб чиқиб,  шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 мартдаги 178-Ф-сонли Фармойиши билан тасдиқланган “2018 йилда ўтказиладиган халқаро илмий ва илмий-техник анжуманлар режаси”га мувофиқ, Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази 2018 йилни 17 май куни “Корпоратив бошқарув бўйича иккинчи халқаро анжуман: рақамли иқтисодиёт шароитида асосий тенденциялар ва истиқболлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференциясини ўтказишини эълон қилади.

Конференциянинг мақсади: рақамли иқтисодиёт шароитида корпоратив бошқарув ривожланишининг жаҳондаги тенденциялари ҳамда янги технологияларнинг бошқарув амалиёти ва бизнес ривожига таъсирини муҳокама этиш, шунингдек, корпоратив муносабатлар тизимини янада такомиллаштириш, бизнес-жараёнлар самарадорлигини ошириш, рақамли иқтисодиёт шароитида акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув ва менежмент соҳасида илғор халқаро стандартларни жорий этишга қаратилган илмий таклифлар ва амалий тавсияларни ишлаб чиқиш.

Халқаро илмий-амалий конференциясида қатнашиш учун хўжалик бошқаруви органлари, акциядорлик жамиятлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг етакчи ходимлари ва мутахассислари, барча олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, илмий ходим ҳамда мустақил тадқиқотчилари таклиф этилади.

Халқаро илмий-амалий конференция пленар йиғилиши билан биргаликда қуйидаги секциялар бўйича амалга оширилиши назарда тутилган:

  1. Рақамли иқтисодиёт шароитида сифатли иқтисодий ўсишни таъминлашда корпоратив бошқарувнинг роли ва самарадорлигини ошириш;
  2. Корпоратив тузилмаларда корпоратив бошқарув ва менежментни такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари;
  3. Рақамлаштириш шароитида иқтисодиёт тармоқлари ва бизнес жараёнлари  ривожланишининг асосий тенденциялари ва истиқболлари;
  4. Қимматли қоғозлар бозори фаолияти ва корпоратив молияни бошқариш самарадорлигини ошириш йўллари.

Конференцияга тақдим этиладиган илмий тезисларга талаблар:

– тезислар конференция йўналишларига оид долзарб мавзуларда, илмий таҳлил ва тугалланган хулосалар асосида шакллантирилган амалий таклиф ҳамда тавсиялар билан тақдим этилиши зарур;

– илмий тезисда адабиётлар ва бошқа манбалардан фойдаланилганда, ушбу манбаларга ҳавола берилиши шарт, келтирилган манбаларнинг (сноска, хавола) тўлиқ тафсилоти берилиши зарур (интернет манзил, статистика тўплами ёки китоб ва нашриёт номи ҳамда йили, фойдаланилган бет, муаллифи тўлиқ).

– конференцияга илмий тезислар ўзбек, рус ва инглиз тилларида тақдим этилиши мумкин ва бунда тезис ёзилган тилдан бошқа икки тилда (масалан, рус тилида ёзилган тезис учун ўзбек ва инглиз тилларида) қисқача аннотация берилиши керак;

– илмий тезислар матнлари таҳрир қилинган ҳолда А-4 ўлчовидаги қоғозга, юқоридан ва пастдан 2,0 см., чапдан 3,0 см., ўнгдан 1,5 см. жой қолдириб, 1 нусхада расмийлаштирилади. Тезиснинг номи (қалин ҳарфлар билан), муаллифнинг тўлиқ фамилияси, исми ва шарифи, илмий даражаси ва унвони, ташкилот номи ва лавозими, электрон манзили кўрсатилади. Сўнгра 1,0 интервал қолдирилиб, аннотация ва тезис матни 1,0 интервалли қаторларда ёзилади. Матннинг электрон нусхаси Times New Roman шрифтида, 14 кегел катталигида, 3 бетгача ҳажмда бўлиши лозим;

– илмий даражаси бўлмаган иштирокчилар учун, тезис иловасида илмий раҳбарнинг уни чоп этишга розилигини тасдиқловчи имзоси бўлиши шарт.

Конференция тили: ўзбек, рус, инглиз.

Конференцияга илмий тезисларни тақдим этиш муддати ва чоп этиш шартлари. Конференцияда қатнашиш учун тезислар матни печатланган шаклда 2018 йилнинг 20 апрелигача тегишли манзилга юборилади. Тезисларнинг электрон шакл эса conf@cgc.uz электрон манзилига жўнатилади ва “мавзу” деган жойида “Тезис” деб ёзилади. Тезис файлининг номи муаллиф/ҳаммуаллиф фамилиясидан иборат бўлиши керак.

Конференция материаллари тўплами муаллифлик таҳрири билан, яъни ҳеч қандай ўзгариш ва тўғрилашларсиз чоп этилади. Илмий тезисдаги маълумотларнинг ишончлилигига муаллифлар жавобгардирлар.

Конференция материаллари тўплами муаллифларнинг  олдиндан тўланган бадаллари ҳисобидан чоп этилади ва унинг қиймати 1 та мақола билан иштирок этувчиларга 39 600 (ўттиз тўққиз минг олти юз) сўмни ташкил этади. Тўпламни чоп этиш “Адабиёт учқунлари” нашриёти томонидан амалга оширилиши кўзда тутилгани боис, тўловлар 8600 0207 9009 8573 рақамли пластик карточкага пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Тўловни олдиндан амалга оширмаган муаллифларнинг илмий тезислари тўпламда чоп этилмайди.

 Мурожаат учун манзил. Ўзбекистон Республикаси, 100060, Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Миробод кўчаси, 25-уй, Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази, Корпоратив бошқарув соҳасида илмий-тадқиқот ишлари бўлими. Тел.: (+99871) 239-03-15; факс: (+99871) 239-03-03. Тўловлар бўйича мурожаат учун: “Адабиёт учқунлари” нашриёти. Тел.: (+99898) 306-11-31.

Рўйхатдан ўтиш

Если вы нашли ошибку, пожалуйста, выделите фрагмент текста и нажмите Ctrl+Enter.