«Корпоратив бошқарув бўйича иккинчи халқаро илмий-амалий анжуман: рақамли иқтисодиёт шароитида асосий тенденциялар ва истиқболлар»

Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказида 2018 йилнинг 17 май куни Корпоратив бошқарув: рақамли иқтисодиёт шароитида асосий тенденциялар ва истиқболлар мавзусида иккинчи халқаро анжуман ўтказилди. 

Мазкур конференциядан асосий мақсад рақамли иқтисодиёт шароитида корпоратив бошқарув ривожланишининг жаҳондаги тенденциялари ҳамда янги технологияларнинг бошқарув амалиёти ва бизнес ривожига таъсирини муҳокама этиш, шунингдек, корпоратив муносабатлар тизимини янада такомиллаштириш, бизнес-жараёнлар самарадорлигини ошириш, рақамли иқтисодиёт шароитида акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув ва менежмент соҳасида илғор халқаро стандартларни жорий этишга қаратилган илмий таклифлар ва амалий тавсияларни ишлаб чиқишдир.

 

Тадбирда 100дан ортиқ иштирокчилар, хусусан, Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки, КОТРА, ГИЦ, ДЖАЙКА, ДЖЕТРО Ўзбекистондаги ваколатхоналари раҳбарлари ва вакиллари, Буюк Британия, Германия, Франция, Жанубий Корея, Япония халқаро экспертлари, Ўзбекистон Президенти хузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Олий Мажлис Сенати, Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идоралар раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек, мамлакатимиз таълим муассасалари ва илмий жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Конференция давомида рақамли иқтисодиёт ривожланишинг замонавий ҳолати, рақамлаштириш шароитида Ўзбекистонда ва хорижда корпоратив бошқарувни такомиллаштиришнинг асосий муаммоларига доир масалалар муҳокама қилинди. Асосий эътибор рақамлаштириш даражасининг нафақат бизнес балки мамлакат рақобатбардошлигига таъсири, шунингдек, юз бераётган ўзгаришлардан келадиган устунликлардан юқори даражада фойдаланиш натижасидан эришиладиган рақобатбардошлик таҳлилига қаратилди.

Ялпи мажлисда Буюк Британия, Германия,  Жанубий Кореядан халқаро экспертлар ва республикамиз вазирликлари ва идоралари раҳбарлари маъруза қилдилар.

 

Ўз чиқишларида маърузачилар Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси доирасида барқарор иқтисодий ўсиш, иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги ва иқтисодий жозибадорлигини таъминлаш, шунингдек, мамлакатнинг келгуси тараққиёти учун мустаҳкам иқтисодий пойдевор яратишга қаратилган туб ислоҳотларни амалга ошириш бўйича муҳим қарорлар ишлаб чиқилаётганлиги ва қабул қилинаётганлигини таъкидлаб ўтишди. Шунингдек, ўзгаришларга муваффақиятли мослашиш ва етакчи мамлакатлардан технологик жиҳатдан ортда қолиш даврини қисқартириш учун Ўзбекистон узоқ муддатли рақамлаштириш стратегияларини ишлаб чиқиши ва мазкур йўналишда давлат даражасида ҳам, тармоқ ва корхоналар кесимида ҳам жадал ривожланиш суръатларини таъминлаши лозимлиги ҳақида фирклар билдирилди.

 

 

Иштирокчилар асосий эътиборларини “Саноат 4.0” тамойиллари асосида мамлакат саноатини модернизациялаш бўйича тармоқ дастурларини ишлаб чиқишга ва бунда мазкур турдаги технологияларга бўлган корхоналар талабини рағбатлантиришнинг молиявий ва номолиявий механизмларини жорий қилишга қаратдилар. Ушбу йўналишда миллий ахборот коммуникациялари соҳаси салоҳиятини ошириш бўйича тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши     рақамли технологиялар импортига қарамликни камайтириши ва бундай турдаги технологиялар экспорти ҳажмини ошириш таъкидланди.

Анжуман иштирокчилари фикрича, рақамлаштиришни чуқурлаштириш ва кенгайтириш миллий иқтисодиётнинг жаҳон майдонларидаги рақобатбардошлигини оширишга, инновацион ва билимлар иқтисодиётига босқичма-босқич ўтишга шароитларни таъминлашга, шунингдек, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишига хизмат қилади.

Тадбирдаги маъруза ва чиқишларни тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, конференция иштирокчилари рақамли иқтисодиётга трансформациялашув учун зарурий шарт-шароитларни шакллантириш, шунингдек, акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув тизими ва менежментни такомиллаштиришга қаратилган қуйидаги асосий йўналишлар ва тавсияларни қайд этишди: 

  • рақамли иқтисодиётга жадал суръатларда трансформациялашувни таъминлаш мақсадида зарур инфратузилмани шакллантириш ва ҳуқуқий базани яратиш;
  • рақамли иқтисодиёт ривожланиши тенденцияларига мос равишда корхоналарда бизнес-жараёнларни такомиллаштиришда, асосий ишлаб чиқариш, маъмурий ва оператив жараёнларни оптималлаштиришда ахборот-коммуникация технологияларини фаол қўллаш.
  • акциядорлик жамиятларида қарор қабул қилиш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида акциядорлар умумий йиғилишида электрон овоз бериш тизимини жорий этиш;
  • корпоратив бошкарув жараёнида манфаатлар тўқнашуви муаммоси юзага келишига йўл қўймаслик учун давлат улуши юқори бўлган акциядорлик жамиятлари бошқарув органларида ижро этувчи ҳокимиятнинг соҳавий комплекслари ва давлат бошқарув органлари раҳбарларининг иштироки этиши амалиётига барҳам бериш;
  • корпоратив бошқарувнинг ошкоралик даражасини ошириш, давлат корхоналарининг молиявий ва хўжалик фаолиятини мунтазам таҳлил қилиш, уларга юклатилган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши ва натижадорлигини самарали назорат килиш амалиётини жорий этиш;
  • давлат корхоналарининг корпоратив бошқарув соҳасидаги раҳбар ходимлари ва мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш. 
  • акциядорлик жамиятларида корпоратив бошкарув тизими самарадорлигини баҳолаш бўйича амалдаги махсус саволномани таркиб ва мазмун жиҳатдан тубдан такомиллаштириш;
  • маҳаллий компаниялар орасида корпоратив бошқарувнинг энг самарали миллий амалиётини аниқлаш ва уни кенг тарқатиш мақсадларида акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувни рейтинг баҳолашни амалга ошириш методологиясини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш.

Если вы нашли ошибку, пожалуйста, выделите фрагмент текста и нажмите Ctrl+Enter.